КЎКСИМГА ТАҚИЛГАН МУКОФОТ

фаолиятим давомидаги барча машаққатларни шарафга айлантирди,-дейди шаҳримиздаги “Баркамол авлод” болалар маркази раҳбари Нортожи Ҳакимова.

Президентимизнинг келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдирини муаллимларнинг меҳнатлари билан боғлаб “Ўзбекистонда энг обрули инсон-муаллим бўлиши керак” дея айтган сўзлари таълим тизимидаги барча ходимларни чексиз қувонтирди.

Бунинг натижаси ўлароқ бугун устозларга юксак даражада ҳурмат ва эътибор кўрсатилиб, уларнинг меҳнатлари муносиб тақдирланмоқда. 45 йиллик ҳаётини таълим тизимига, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек машаққатли ишга бағишлаган Нортожи Ҳакимованинг ҳам меҳнатлари юксак мукофот “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани бунинг ёрқин намунасидир. Устознинг 1 октябрь- “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами арафасида ана шундай нуфузли мукофотни қўлга киритганлари марказ жамоаси учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди.  

Меҳнат фаолиятини физика фани ўқитувчиси сифатида бошлаган Нортожи опа 1984 йилдан ҳозирга қадар шаҳримиздаги мактабдан ташқари таълим муассасасида самарали фаолият юритиб келадилар. Бугун опа раҳбарлик қилаётган, 568 ўқувчини қамраб олган “Баркамол авлод” болалар марказидаги 19 турдаги тугарак, 56 та гуруҳдаги ўқувчи-ёшларга ўз касбининг усталари ўқув машғулотларни ўтиб келмоқдалар.

- Мен бу мукофотни нафақат менга балки, фидойи ходимларимизга, муассасамизга берилган юксак баҳо деб ўйлайман. Албатта бу ишонч бизга келгусида ишга янада масъулият билан ёндашиш, келажагимиз бўлган ёш авлодни муносиб тарбиялашга, илм-фан, касб-ҳунар ва спорт сирларини қунт билан ўргатишда куч ва шижоат бағишлайди, -дейди опа биз билан суҳбатда.

Лола МАМАДАЛИЕВА

2015-2024 © Kattaqo'rg'on shahar hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM