КОНГРЕСС ХОЛЛ ВА «HILTON» МЕҲМОНХОНАСИНИНГ ҚУРИЛИШИ ЯКУНЛАНДИ

9 октябрь куни Шавкат Мирзиёев «Tashkent City» халқаро бизнес марказининг илк объектлари - конгресс холл ва «Hilton» меҳмонхонасини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Конгресс холлнинг умумий майдони 43 минг квадрат метр бўлиб, унда йирик халқаро анжуманлар, олий даражадаги музокаралар ўтказиш учун барча шароит яратилган. Биринчи қават марказида 3,5 минг иштирокчига мўлжалланган конференциялар зали бор. Заруратга қараб, у икки ёки тўртга бўлиниши ҳам мумкин.

Халқаро саммитлар вақтида икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун хоналар, ресторан, кичик концерт зали, дам олиш жойлари меҳмонларга кенг қулайлик яратади. Иккинчи қаватда қўшимча заллар жойлашган.

Шу билан бирга президент 5 юлдузли «Hilton» меҳмонхонаси билан ҳам танишган.

21 қаватли бинода 258 та номер мавжуд. Шулардан 8 таси давлат раҳбарлари учун мўлжалланган. Пардозлаш ва жиҳозлашда иссиқ ранглар кўп қўлланилгани кишига хуш кайфият бағишлайди. Барча замонавий меҳмонхоналарда бўлганидек, отелда бир нечта ресторан, бассейн, спорт зал, спа ва бошқа салонлар бор. Хизматлар тури кўп, сифати юқори даражада.

Шавкат Мирзиёев меҳмонхонада яратилган шароитлар билан танишиб, ҳудуд марказидаги хиёбонни кўздан кечирган.

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF KATTAKURGON CITY. Maked by: SAKTRM